АсосийЖАМИЯТ

Адлия вазирлигида Конституциявий ислоҳотлар юзасидан вазир бошчилигида давра суҳбати ўтказилди

Саноқли кунлардан сўнг халқимиз ҳаётида катта сиёсий жараён, конституциявий ислоҳотлар юза...

Саноқли кунлардан сўнг халқимиз ҳаётида катта сиёсий жараён, конституциявий ислоҳотлар юзасидан референдум бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбирни юксак савияда ўтказиш фуқароларимизнинг фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англаши ҳамда сиёсий етуклигини намоён этишга боғлиқ.

Референдум жараёнларида ҳар бир фуқаронинг шахсан ўзи иштирок этиши орқали ўз сиёсий иродасини намоён қилишини тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш мақсадида адлия органлари томонидан конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган самарали тизим йўлга қўйилди.

Хусусан, жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Тадбирда вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, ушбу йўналишда қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг роли ва аҳамияти каби мавзуларда фикр алмашилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мазкур янгиликлар ҳуқуқшунослар олдига катта масъулиятни қўяди, бу масъулият – амалдаги қонунчиликни Янги Конституцияга мувофиқлаштириш билан боғлиқ катта жараён. Бу ўзгаришлар биринчи навбатда юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг эмин эркин ҳаёт кечириши ва ривожланиши учун хизмат қилади.

Бу каби давра суҳбатлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда қонунчиликни янада ривожлантиришни самарали ташкил этишда амалий ёрдам беради, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар