АсосийЖАМИЯТ

БМТ вакили билан Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ижрочи...

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ижрочи котиби Олга Алгаерова билан учрашув бўлиб ўтди. Олга Алгаервани Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Учрашувда шунингдек, вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси раҳбари Фарҳод Жумаев иштирок этдилар.  

Мулоқот давомида томонлар БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ва вазирлик ўртасида амалга оширилган ишлар ва истиқболда режалаштирилган лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар. Бунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун барқарор ривожланиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган транспорт, яшил энергетика, инновация ва технологиялар соҳаларни ривожлантириш ва бу йўналишда ташкилот кўмагига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, ЕИК томонидан ҳозирги кунда Марказий Осиёнинг транспорт соҳасида тавсиялар ва ҳисоботларни ўзида акс этган маъруза ишлаб чиқилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.  

Шу билан бирга, О.Алгаерова 2022-2026-йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси доирасида ҳамкорликда ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. У мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўлидаги асосий йўналишлар, яъни очиқлик, аниқ режалар асосида фаолият ва рақамлаштириш соҳасидаги ишларнинг муҳимлигини қайд этиб, ҳозирги кунда ташкилот томонидан Ўзбекистон билан ушбу йўналишларда самарали ишлар олиб борилаётганлиги таъкидлади.  

Ўз ўрнида, ЕИК раҳбари ташкилотнинг Бутуневропа транспорт, саломатлик ва атроф-муҳит дастурида (The PEP - UNECE) иштирок этиш бўйича тавсиялари билан ўртоқлашиб, ушбу дастур шаҳарларда транспорт тизими, аҳолининг яшаш тарзи ва атроф-муҳит уйғунлигини таъминлашда ривожланган шаҳарлар тажрибасини ўрганиш ва ривожланишга қаратилганини айтиб ўтди.  

Томонлар, шунингдек, маҳсулот ва хизматларни “яшил” сертификатлашнинг муҳимлиги, ушбу жараён стандартларининг Ўзбекистонда мавжуд эмаслиги ва соҳада ишончли ҳамкорлар кераклиги бўйича ҳам фикр алмашдилар.  

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси томонидан InnoWeek.uz-2023 доирасида ЕИК билан ҳамкорликда махсус сессия ташкил этилишига келишилди.

    Бошқа янгиликлар