Озарбайжонда фаолият юритаётган “Ислоҳотчи ёшлар” жамоат бирлашмаси уюшма раиси, “Editor.az” медиа гуруҳи раҳбари Фарид Шаҳбазли ва Озарбайжон матбуот кенгаши бошқаруви аъзоси, "Azxeber.com" медиа гуруҳи раҳбари Ҳожибей Ҳайдарли амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Қардош халқ медиа вакиллари ташриф давомида Ўзбекистондаги қатор телевидения, газета ва сайт таҳририятларида бўлиб, ОАВлар фаолияти билан танишмоқда.
Жумладан Фарид Шаҳбазли ва Ҳожибей Ҳайдарли "darakchi.uz", "zamon.uz" сайтлари, "Даракчи" газетаси таҳририяти ва "Севимли" телеканалида ҳам бўлиб, соҳага оид қизиқарли суҳбат ташкил этилди.

Қайд этилишича, “Ислоҳотчи ёшлар” уюшмасининг асосий мақсади ёшларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётига интеграциялашувига кўмаклашишдан иборат. Шу мақсадда бирлашма ҳозирга қадар Озарбайжонда 850 дан ортиқ турли лойиҳа ва тадбирларни амалга оширди. Медиа ҳам бугун Озарбайжонда энг муҳим соҳалардан бири сифатида ривожланмоқда. Мамлакатда қатор давлатлардаги каби айни пайтда газетага бўлган талаб бироз пасайиб, унинг ўрнини интернет медиаси эгалламоқда. Шу маънода интернет сайтлари фаолияти анча ривожланган. “Editor.az” ва "Azxeber.com" ҳам худди шундай электрон нашрлар орасида ўз ўрнига эга бўлган оммабоп сайтлардан ҳисобланади.
Суҳбат асносида меҳмонларга ўзбек ОАВларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумотлар берилди, таҳририят ва телевидения иш жараёнлари таништирилди.

Озарбайжон медиа вакиллари медиа марказида ташкил этилган сайт, газета, ва телестудиялар иш жараёнини юқори баҳолашди.
Учрашув чоғида Озарбайжон ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, келгусида ҳамкорликда давлатлар журналистлари Форумини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Меҳмонлар ўзбекистонлик журналистларни Бокуга таклиф этишди.






