Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда уларни доимий иш билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик. Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Дилноза Каттахонова Darakchi.uz’га берган интерьвюсида мазкур фармоннинг аҳамияти ва қилинган ишлар ҳақида гапирди.
Ижтимоий солиқ суммасини қайтариб бериш амалиёти қандай йўлга қўйилди?
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармони асосида йўлга қўйилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб бериш амалиётини жорий қилган эдик.
Бундан, 2021-2022 йилларда 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди, уларга 150 миллиард сўмлик ижтимоий солиқ қайтарилди, 100 минг ёшлар бандлиги таъминланди.
Қабул қилинган янги фармонда асосий урғу нимага қаратилган?
- Фармонга кўра, 2023 йил 1 майдан 2025 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади.
Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қоплаб берилади.






