Жорий йилнинг 2 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан Жаҳон Банкининг “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (МУНИС) лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудуд ва шаҳарларида халқаро экспертлар жамоаси томонидан “Технологияларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш” ўқув дастурига старт берилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов очиб берди. Сўзга чиққан Жаҳон банки ишчи гуруҳи раҳбари Жаноб Ерали Бексултан, МУНИС лойиҳаси раҳбари Дилшод Азгаров, илмий лойиҳалар ва бизнес-стартапларни амалга ошириш бўйича халқаро эксперт Сергей Макаров лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумотлар беришди.
Дастурнинг асосий мақсади 2022/2026-йилларда инновацион ривожланиш стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳудудлардаги ёш олимлар, тадбиркорлар ва ўз стартап ғояларига эга ёшларни лойиҳаларини амалга оширишда амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳамда технологияларни тижоратлаштиришда уларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Лойиҳа, шунингдек, МУНИС лойиҳасининг кичик таркибий қисмлари учун мақсадли аудиторияни кенгайтиришга ёрдам беради.
Лойиҳа 2023 йилнинг май ойида бошланиб 8 ой давомида 12 та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади. Лойиҳа доирасида тренинглар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бепул интерактив семинарлар халқаро эксперт Сергей Макаров иштирокида ўтказилади ва қуйидаги мавзуларни қамраб олади:
• Р&Д тижоратлаштириш тамойиллари;
• Истиқболли инновацион маҳсулотларни аниқлаш;
• Маҳсулотни ишлаб чиқиш (келажакдаги маҳсулот хусусиятларида Кано моделидан фойдаланиш);
• Мижозларни топиш ва янги корхоналар (Леан усулларидан бири - мижозларнинг эҳтиёжларини “сифат уйи” тамойили асосида Р&Д шакллантириш);
• ИМ идентификация ва эрта баҳолаш;
• Тадқиқотчиларнинг технологик брокерлар, тадбиркорлар, инвесторлар билан ўзаро таъсири; тузоқлардан қочиб шерикчилик қуриш;
• Бизнес акселераторлар ва эрта босқичдаги ВC инвестициялари: Р&Д тизимидаги инсонлар нимани билишлари керак;
• Глобал ривожланиш: нимани кутиш ва нимадан узоқлашиш керак;
• Ушбу лойиҳа фан, таълим ва инновациялар соҳаларини ривожлантиришга ҳизмат қилиб, мамлакатнинг демографик салоҳиятини очиб беришга қаратилган ва амалда синовдан ўтиб йўлга қўйилган дастурдан иборат бўлади.






