Бугун, 3 май куни, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунга мувофиқ дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.
Бундан ташқари, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этилган учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилмоқда.
Бундан ташқари, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.