Жорий йилнинг 5 май куни Адлия вазирлигининг навбатдаги ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда, адлия органлари ва муассасалари томонидан 2023 йил 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар натижаси муҳокама қилинди. Ҳайъат мажлиси видеконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги ташаббуси билан 34 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. 351 та қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан, 37 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳисобот даврида 31,6 минг та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 25 мингтаси, яъни 79 фоизи қонуний ҳал қилинди.
Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 6269 та тақдимнома киритилди, 2 282 нафар шахслар маъмурий, 2 648 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 98 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Судларга 142,2 млрд. сўмлик 5 819 та даъволар (аризалар) киритилиб, 121,1 млрд. сўмлик даъволар (аризалар) қаноатлантирилди.
Шунингдек, Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан 3,2 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-чорак якунлари бўйича ҳудудий адлия органлари фаолиятининг самарадорлиги баҳоланиб, баҳолаш натижаларига кўра Бухоро ва Андижон вилоят адлия бошқармалари юқори самарадорлик кўрсаткичларни қайд этди. Мажлис давомида амалга оширилган ишлар ва камчиликлар муҳокама қилиниб, Сурхондарё ва Фарғона вилоят адлия бошқармалари бошлиқларининг 1-чорак давомида йўл қўйилган камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича ҳам изоҳлари эшитилди.
Тадбир сўнггида вазирлик олдида турган вазифаларни тўғри ва самарали амалга ошириш, соҳалар бўйича иш фаолиятини янада яхшилаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.






