Андижонда ИИБ ходимлари билан тортишувга борган фуқаро жароҳатланиб, шифохонага тушди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 апрель куни соат тахминан 19.00ларда Асака тумани ИИБ профилактика инспектори лейтенант Ф.Абдулхакимов Асака шаҳар Бобуршох кўчасидаги чорраҳада Тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермасдан ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автомашинани тўхтатиб, қоидабузарликни расмийлаштираётган вақтида, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, маст ҳолатда бўлган 1988 й.т. фуқаро Ғ.А. ходимни ҳаракатларига кескин қаршилик кўрсатиб, уни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузган.
Профилактика инспекторининг чақирувига асосан воқеа жойига етиб келган Пост-патруль хизмати ходимлари томонидан жамоат тартибини бузаётган Ғ.А.ни Ички ишлар бўлимига етказиш вақтида, у ходимларидан қочишга уриниб, шу кўчада жойлашган “Совғалар” номли дўконга кириб, дўкон ичкари хонасидаги эшикни ортидан тираб олишга ҳаракат қилган. Шу вақтда эшик ойнаси синиб, Ғ.А.нинг боши ва чап қўлининг билак қисми кесилиб кетган.
Ортидан етиб келган ходимлар томонидан фуқаро Ғ.А. шифохонага етказилиб, унга “Чап қўл билак юқори учлиги тирсак бўғими ички иза соҳаси 14х5 см кесилиши оқибатида мускул, пой, қон-томир ва нерв шикастланиши, бош қисми чап томон чакка соҳасини кесилган жароҳати, кучли мастлик ҳолати” ташхиси қўйилган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.






