2023 йил 4-5 май кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Ҳиндистон Республикасига ташриф буюрди.
Вазирлар учрашувида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, долзарб минтақавий ҳамда халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик кўришнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари кўриб чиқилди. Вазирлар 2023 йил июль ойида бўлиб ўтадиган Деҳли Саммити давомида имзоланиши таклиф этилган кун тартиби ва ҳужжатлар лойиҳасини маъқулладилар.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирлари Субраманям Жайшанкар ва Билавал Бхутто Зардорий билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг ушбу давлатлар билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ва минтақалараро муносабатларда ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.






