Озарбайжон пойтахти Бокуда мактабларда ҳижоб кийишни чекловчи янги талаблар ортидан норозилик намойишлари бошланди. Ҳодисалардан кейин 37 киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда Azerbaijan Press хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Гарадоғ туманида мактаб директорларидан бирининг автомобилига ўт қўйилган, Ясамал туманида эса мактаблардан бирига ўт қўйишга уриниш бўлган. Ҳар икки ҳолатда ҳам жабрланганлар йўқ.
Воқеалар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тегишли модда бўйича уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Озарбайжон ҳукумати 21 сентябрь куни мактаб формасига оид янги қоидаларни тасдиқлаган. Унга кўра, дунёвий таълим тамойилларига зид ва ягона мактаб формасига мос келмайдиган кийимларда дарсга келиш тақиқланган. 6 октябрдан бу талаблар ўқитувчиларга ҳам татбиқ этилган.
12 октябрь куни мактабларда янги қоидаларга риоя этилиши текширила бошланган. Талабларга мос кийим киймаган ўқувчилар билан шифокорлар ва психологлар иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ота-оналарига ҳам тушунтириш берилган.
Маҳаллий нашрлар хабар беришича, камида иккита мактабда ўқувчилар чекловларга қарши дарсларни бойкот қилган. Ижтимоий тармоқларда эса ҳижоб сабаб мактабга киритилмаган ўқувчиларнинг йиғлаётгани акс этган видеолар тарқалган.
Озарбайжон аҳолисининг қарийб 96 фоизи ўзини мусулмон деб ҳисоблайди. Мамлакат Конституциясида Озарбайжон дунёвий давлат сифатида белгиланган ва диний эркинлик кафолатланган.
Ҳукумат чекловларни ўқувчилар ўртасида тенгликни таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда. Парламент депутати Севинч Фаталиеванинг айтишича, ягона мактаб формаси болалар ўртасидаги ижтимоий ва диний фарқларни камайтиришга хизмат қилади.






