Президент “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Унга кўра:
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилади;
- “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун бекор қилинади;
- 2024 йил 1 январдан бошлаб, маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божини ундирмаслик, бунда давлат божини ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилади;
- 2023 йил 1 августдан бошлаб солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади. Ушбу тартиб таълимнинг барча босқичлари — мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимига жорий этилади;
- 2023 йил 1 июндан бошлаб чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар бекор қилинади.






