Куни кеча танишларига оддий диний қўшиқ — нашида тарқатган талаба қамалгани ҳақидаги хабар жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати мазкур иш бўйича батафсил маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар давомида 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро "У.Ж." ижтимоий тармоқлар орқали тақиқланган диний материалларни тарқатиб келиш билан шуғулланаётганлиги хусусида маълумотлар олинган.
Тезкор-қидирув тадбирлар давомида аниқланишича, мазкур шахс Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.
У, халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали «жиҳод» ва “шаҳидликка чорлов" маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.
Хусусан, "У.Ж." томонидан тарқатилган материаллар орасида “Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида“мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани”мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 20 февраль куни фуқаро "У.Ж." га нисбатан Жиноят кодексининг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан "У.Ж."нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
"Ҳозирда айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан "У.Ж." телеграм-гуруҳига гўёки YouTube платформасидаги оддий диний қўшиқ ҳаволасини тарқатганлиги учун ёки диний нашида эшитганлиги учун жавобгарликка тортилгани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, "У.Ж." шаҳид бўлишга (жанг майдонларида худкушлик содир қилиш, ўзини ўзи ўлдириш) даъват этувчи ўзбек тилидаги “Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли диний қўшиқ ва бошқа бир қатор диний материаллар мазмунини тўлиқ англаган ҳолда ушбу ғояларни танишларига ҳам етказиш мақсадида Телеграмʼ ижтимоий тармоғи орқали тарқатган.
Бундай ҳарақат Ўзбекистон ҳудудида жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, тергов идоралари томонидан "У.Ж."нинг ҳаракатлари тўғри малакаланган.
Шу билан бирга, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 121-моддасига биноан, Интернет тармоғидан жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш ёки қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида эса журналистнинг мажбуриятлари қаторида ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатилган", - дейилади хабарда.






