Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерида тиббиёт ходими томонидан беморлардан бирига жисмоний қўпол ҳаракатлар қилинаётгани акс этган видео тарқалди.
Андижон вилоят соғлиқн сақлаш бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда, ҳолат ҳақиқатдан юз бергани аниқланган.
"Кичик тиббий ходимининг (санитарка) беморга нисбатан қилган ҳатти –харакатлари кечирилмас ҳолатдир.
Хизмат текшируви якунларига асосан ходимнинг харакатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳужжатлар тақдим этилади.
Бўлим мудири, бўлимнинг катта ҳамширасига ҳолат бўйича интизомий жазо чоралари белгиланиши учун касаба уюшмасига маълумот тақдим этилди", дейилади Бошқарма матбуот хизмати хабарида.
Маълум қилинишича, кичик тиббий ходим ўз асабларини жиловлай олмаганлигини, ўз ҳаракатини кечирилмас ҳолат эканлигини изҳор этиб, ўз вазифасидан озод этишни сўраб ариза ёзган, аризаси қаноатлантирилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган.
"Андижон вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерида ишга қабул қилиш жараёнларида меҳнат шартномасида беморлар билан муомала маданияти, жисмоний тазийиқ ва зўравонлик ўтказмаслик асосий шартлардан бири ҳисобланади, тиббий ходимларининг руҳий-эмоционал ҳолатида юкламаларни олдини олиш учун меҳнат таътиллари меъёрдагидан узоқроқ муддатга берилади, маошларда қўшимчалар белгиланган.
Андижон вилоят соғлиқн сақлаш бошқармаси бошлиғи томонидан барча беморлар билан иш олиб борувчи ходимлар билан руҳий-психологик суҳбатлар олиб бориш, ишлаш принципларига ўзгартиришлар киритиш бўйича кўрсатма берилди", - деб қайд этилган баёнотда.