АсосийDunyo

Россияда мигрантларни урушга жўнатиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланмоқда

'Россияда мигрантларни урушга жўнатиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланмоқда'ning rasmi

Россия Коммунистик партиясидан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев (КПРФ) Россия фуқаролигини олган муҳожирларни, шу жумладан Марказий Осиё ва Кавказдан келган муҳожирларни махсус операцияга чақиришга рухсат берувчи, жумладан, Украинадаги уруш ҳудудига юборишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини тайёрланмоқда

У ҳужжатни Давлат Думасига тақдим этиш муддатига аниқлик киритмаган. 

"Гап мигрантларни Россия армияси қисмлари ўртасида тақсимлаш мақсадида сафарбарлик ва ҳарбий хизматга чақириш имконияти ҳақида кетяпти. Бунда улар ҳар бир взводда 2-3 нафардан ортиқ бўлмаслиги керак, чунки "маҳаллийчилик" қилиб, ҳарбий интизомни бузмаслиги учун.

Бундан ташқари, улардан фронт чизиғидаги қурилиш отрядларида фойдаланиш ҳақида ҳам кетяпти", - деб ёзди парламент аъзоси. 

Айни вақтда Россия қонунчилигига кўра, икки фуқароликка эга бўлганлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилмайди, фақат шартнома имзолаш орқали Қуролли кучлар сафига кўнгилли сифатида қўшилиши мумкин. 

Михаил Матвеев фикрига кўра, бу нотўғри ва янги қонун буни бартараф қилишга қаратилган. Шу билан бирга Россия фуқаролигини олган мигрантлар худди россияликлар каби мажбуриятларга эга бўлиши лозим. 

"Нега энди уларга Россиянинг бошқа халқларидан фарқли равишда имтиёзлар берилиши керак?", - деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Россиянинг баъзи ҳудудларида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган хорижликлар учун тўловлар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилина бошлаганди.

2022 йил ёзида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарлик борлигидан огоҳлантирганди. 

    Бошқа янгиликлар