Маданият ва туризм вазирлигининг берган хабарига кўра, Тошкент шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ҳамда Германия туристик ассоциацияси (Деутсчер Реисевербанд э.В. – ДРВ) билан ҳамкорликда Германия ва Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари учун “Destination Forum” халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Маълум қилинишича, Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилиш ва ушбу қитъадан юртимизга келувчи туристлар сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилнинг 10-17 май кунлари Германиянинг 80 нафар туристик операторларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилмоқда.
ДРВ - Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ассоциация бўлиб, у мамлакат туризм бозорининг умумий даромадининг қарийб 90 фоизини ўзида жам қиладиган туризм йўналишидаги барча ташкилотларни қамраб олади.
Саёҳат давомида германиялик туроператорларни сўнгги йилларда туризм соҳасида олиб борилган ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар билан яқиндан таништириб, улар учун Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маданий мерос обектлари, туризм қишлоқлари ва оилавий меҳмон уйлари бўйлаб инфо-турлар ташкил этилади.
Саёҳат якунида, жорий йилнинг 16 май куни германиялик ва ўзбекистонлик туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида “Destination Forum” анжумани ва Б2Б учрашувлар ташкил этилади.
“Destination Forum” давомида Германиянинг энг йирик сайёҳлик агентликлари ва туроператорларига европаликлар учун Ўзбекистонни устувор сайёҳлик йўналиши сифатида таништиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган маҳаллий туристик ташкилотлар ва туроператорларни 2023 йил 16 май куни соат 09:30да “Intercontinental Tashkent" меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган Германиянинг йирик туризм компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Destination Forum” анжуманида иштирок этишга таклиф этамиз, дейилади хабарда.