Лондон шаҳрида Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этаётган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Буюк Британиянинг Портсмут университети проректори Боббй Меҳта билан англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур меморандум доирасида томонлар:
- Портсмут университети филология факультети битирувчи талабаларининг Республикамиз умумий ўрта таълим мактабларида маҳаллий чет тили ўқитувчилари билан жуфтликда дарс бериш тизимини йўлга қўйиш,
- Вазирлик тизимидаги лидер мактаб директорлари учун Портсмут университети томонидан Буюк Британияда 2 ҳафталик малака ошириш курсларини ташкил этиш,
-Портсмут университети Касбий ривожланиш ва амалий таълим йўналиши раҳбари Доктор Стивен Корбетни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хорижий тиллар ислоҳотлари йўналишида маслаҳатчиси этиб тайинланиши юзасидан келишиб олишди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида, Республикамизнинг мактабгача ва мактаб таълим муассасаларида фаолият олиб бориши кўзда тутилган Портсмут, Глазго, Манчестер Метрополитан, Ворвик, Нотингем Тренд, Лондон ҳамда Оксфорд университетлари ўқитувчилари ва битирувчи талабалари учун мавжуд бўлган шароитлар, таълим тизимимиздаги ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳақида тақдимот ўтказилди.