АсосийJamiyat

Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди

'Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди'ning rasmi

Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

 Ойдин Ҳожиева 1942 йили Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида туғилган. 1960 йили ўрта мактабни, 1966 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тугатган.

1965-1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1976-1985 йиллар “Саодат” журналида бўлим мудири, 1985-1995 йилларда “Гулхан”, 1995 йилдан эса “Саодат” журнали муҳаррири лавозимида ишлаган. У 20 дан ортиқ шеърий тўпламларнинг муаллифидир.

 Ойдин Ҳожиеванинг деярли барча тўпламларида покиза ва меҳрибон, кечиримли ва садоқатли она туйғулари, вафодор ёр, дидли, фаросатли ва нозиктаъб шоира қалби жўш уриб туради. Айни чоғда дунё воқеаларига ҳамдардлик, инсонлар мушкулини енгиллатиш учун кураш, ўз она халқи, она тупроғи, маданий меросига меҳр туйғуси балқиб туради.

Ойдин Ҳожиева ижоди гарчи 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлса-да, унинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда “Шабнам” номи билан чоп этилган. Сўнгра унинг 1972 йилда “Мен севган қўшиқ”, “Зар кокил қиз ва қуёш”, 1975 йилда “Манзиллар”, 1977 йилда “Наво”, 1978 йилда “Тароват”, 1979 йилда “Бувисининг ўз қизи”, 1980 йилда “Достонлар”, “Тамал тоши”, 1989 йилда “Сайланма”,  1991 йилда “Нажот”, “Олисдан келган овоз” каби кўплаб шеърий гулдасталари дунё юзини кўрган. Улар орасида 1987 йилда “Чашмаларни излайман” каби публицистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлари ҳам бор.

 Шоиранинг 1996 йилда ”Кўзимнинг оқу қароси” номли шеърий гулдастаси истиқлол руҳи, истиқлол орзуси билан лиммо-лимдир. У моҳир шоирагина эмас, публицист ва таржимон ҳамдир.

У таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мцкевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнецвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова, ва бошқа кўплаб жаҳон ва қардошлар адабиёти вакилларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбекчага ўгирган. Шеърлари рус, украин, қозоқ, қирғиз, тожик, белорус, француз, инглиз ва урду тилларида нашр этилган.

Ойдин Ҳожиеванинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, 1975 йилда Ёшлар Иттифоқи мукофоти совриндори, 1999 йилда Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, ”Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан тақдирланган.

    Бошқа янгиликлар