Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида “Мактабдан ташқари таълим: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги 1-Республика форуми бошланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Маьлум қилинишича, форумда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқарма вакиллари, мамлакатимиздаги мавжуд “Баркамол авлод” болалар мактаблари, “Болалар кутубхоналари” директорлари, “Ёшлик” Жисмоний тарбия ва спорт жамияти раҳбарлари иштирок этди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова форум давомида мутахассислар томонидан билдирилган тегишли масалаларни ҳал этиш бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдириб ўтди.
Шу билан бирга мактабдан ташқари таълимни ташкил этишда халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида масъул ходимлар ва мутахассисларни хорижий давлатларга хизмат сафарига юбориш бўйича аниқ вазифалар илгари сурилди.
Шунингдек, келгусида “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг навбатдан ташқари Қурултойини ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.






