1

"2030 йилга бориб тамакисиз ҳаётга етишимиз керак"

ЖАМИЯТ 26.05.2023, 11:48
"2030 йилга бориб тамакисиз ҳаётга етишимиз керак"

Ўзбекистонда 21ёшга тўлмаган фуқароларга тамаки ва алкогол маҳсулотларини сотишни расман тақиқлашни кўзда тутувчи қонун қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик. 

Янги тартибга кўра, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланди. Хўш, нега айнан 21 ёш этиб белгиланди, бу борада халқаро тажриба ўрганилдими? Darakchi.uz  Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова билан суҳбатлашиб, шу каби саволларга жавоб олди. 

Нега 20 ёшдан 21 ёшга ўтилди?

– “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида” қонун Президентимиз томонидан имзоланди. Қонунга кўра, алкогол ва тамаки маҳсулотлатрини реализация қилиш, сотиш ва сотиб олиш жараёнида тақиқлар белгиланди. Шулардан бири ёшга нисбатан кўрсатилган тақиқ. Яъни амалдаги қонунда алкогол ва тамаки маҳсулотлари 20 ёшга тўлмаганларга сотиш тақиқланган бўлса, янги тартиб билан 21 ёш этиб белгиланди. Нега айнан 21 ёш? Илмий тарафдан қараганда, инсон мияси 25 ёшга бориб тўлиқ ривожланади. Шу ёшда ўзи чиқарган қарорларга ўзи жавоб бера оладигган бўлади. Қолаверса, илмий текширувларда тасдиқланганки, 21 ёшгача алкогол ва тамаки маҳсулотларига қарамлик, ундан кейинги ёшдаги қарамликдан бир неча бор юқори бўлади. Тамаки ва алкогол маҳсулотларидан ўлим кўрсаткичи ҳам худди шундай. Шулардан келиб чиққан ҳолда янги қонунда 21 ёш этиб белгиланди. 

Хорижий тажриба ўрганилдими?

– Мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хорижий тажриба ҳам ўрганилди. Масалан АҚШ ва Қозоғистонда 21 ёшга тўлмаганларга тамаки ва алкогол сотиш тақиқланган. Туркманистон ва Индонезийда 21 ёшга тўлмаганларга фақат алкогол сотиш тақиқланган. Биз ана шу хорижий тажрибаларни ўрганиб, 21 ёш этиб белгиладик.

Хулоса ўрнида нима дея оласиз?

– Ёшларимиз нафақат 21 ёшдан кейин, балки умуман тамаки чекишмасин, алкогол ичишмасин. Бизни ҳозирги мақсадимиз, 2030 йига бориб тамакисиз ҳаётга етишимиз керак. Болаларимизни бу иллатдан сақлайлик. 

Карим ЗАРИПОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1