O‘zLiDePнинг XI съездида Шавкат Мирзиёев бешта стратегик мақсаддан иборат сайловолди дастури билан таништирди.
Дастурдаги иккинчи мақсад — одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш.
2030 йилга бориб:
- иқтисодиёт 2 баробарга оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади;
- аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади. Бунинг натижасида, Ўзбекистон «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киради. Энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноат ривожлантирилади. Бунда, меҳнат унумдорлиги 2 баробар ошади (ҳозир бир ишчига 12,5 минг доллар маҳсулот тўғри келади).
Иккинчи мақсад доирасида, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан бирга, умумий қиймати 115 миллиард доллар бўлган йирик лойиҳалар бошланди. Жумладан, кейинги йилларда стратегик мега-лойиҳалар ишга туширилади. Хусусан:
- Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи;
- Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери;
- Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари;
- Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хом ашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси;
- Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди.
Натижада, 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш — 3,5 баробар (500 минг тоннага), олтин — 1,5 карра (155 тонна), кумуш — 3 марта (500 тонна), уран — 3 баробар (10 минг тонна) оширилади. Мамлакатимиз тарихида илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш бошланади.






