Ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими томонидан ўтган йилги бюджетдан қолган 300 миллион сўмдан ортиқ маблағни ҳокимлик ва халқ депутатлари туман Кенгаши ходимларига мукофот сифатида ўтказишни назарда тутувчи қарор имзолангани ҳақидаги хабар тарқалди. Туман ҳокимлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билан чиқди.
Мазкур қарор лойиҳасининг ҳужжати 16-26 май кунлари муҳокамага киритилган. Бироқ, 2023 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича маҳаллий бюджет режасидан даромадлар қисмининг ортиғи билан бажарилган қисмини қандай йўналтириш бўйича таклифлар келиб тушмаган.
Туман ҳокимлиги маблағ сарфлаш бўйича таклифлар regulation.gov веб-сайтида 10 кун давомида жойлаштирилганини маълум қилди.
Ҳужжатда туман Кенгаши халқ депутатлари, ҳокимлик ходимлари ва давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларига кўра, 2023 йил апрель ойида уларнинг ойлик иш ҳақига 200 фоизгача устама сифатида 306 178 000 сўм миқдорида пул маблағлари ажратиш таклиф этилаётгани қайд этилган.
Муҳокамалар якунида халқ депутатлари Мирзо Улуғбек тумани Кенгашининг "Мирзо Улуғбек туман бюджетининг 2023 йил қўшимча манбалари маблағларини яхшилашга ёрдам бериш тўғрисида"ги тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5515-сонли Фармонига асосан Тошкент шаҳарининг барча туманларида эксперимент тариқасида алоҳида бошқарув тизими жорий этилган. Мазкур фармонга асосан маҳаллий ҳокимлик ходимларини фаолиятини баҳолаш натижасига кўра ва коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида уларнинг лавозим маошининг 200 фоизга қадар миқдорда устама белгилаш ҳуқуқи берилган.






