Тошкентда "Cobalt" ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган Жигулини ва 3 нафар пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Ҳодиса 2023 йилнинг 28 май куни соат тахминан 21:30 ларда Бектемир тумани, Бектемир йўли кўчасида содир бўлган. 1996 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.М. "Cobalt" автомашинани бошқариб кетаётиб, йўл четида тўхтаб турган “Ваз-2105” автомашинаси билан тўқнашган. Шундан сўнг бошқарувни йўқотиб, йўл четидан ҳаракатланиб кетаётган 3 нафар пиёдаларни уриб юборган.
ЙТҲ натижасида 2 нафар пиёда (2000 й.т. С.Ю. ва 2001 й.т. А.К.) ҳамда "Cobalt" ҳайдовчиси тан жароҳати олганлиги сабабли тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ, пиёда 1997 йилда туғилган А.Х. олган тан жароҳатлари сабабли касалхонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.






