Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 25-юбилей сессияси Самарқандда ўтказилади

ЖАМИЯТ 01.06.2023, 11:50
Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 25-юбилей сессияси Самарқандда ўтказилади

Жорий йилнинг 29 май куни 16–20 октябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (УНWТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон томонидан ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Мадридга ташриф буюрди. 

Ташриф давомида Азиз Абдуҳакимов UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили ва бўлажак Бош Ассамблеянинг асосий тадбирлари ва ёрдамчи тадбирларини ўтказиш учун масъул ишчи гуруҳлар аъзолари билан учрашди.

Учрашувда тадбирларнинг дастлабки дастури, ташкилий масалалар, ялпи ва сессия мажлислари учун таклиф этилаётган кун тартиби ва регламенти атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, тадбир доирасида Инвестиция форуми, Таълим бўйича вазирлар панели сессияси, “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” туризм форуми, экотуризм фестивали, энг яхши “сайёҳлик қишлоқлари”ни тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.

Қолаверса, UNWTO Бош котиби З.Пололикашвилининг 2022 йил ноябр ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Республика ҳукумати томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши, жумладан, Самарқанд шаҳрида UNWTO Халқаро туризм академиясининг очилиши, ЮНВТОнинг Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” ҳудудий тематик офиси, “Ипак йўли” халқаро туризм мукофотини таъсис этиш ва бир қатор бошқа масалалар борасида ҳам фикр юритилди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеядан жаҳон ҳамжамиятини максимал даражада хабардор қилиш мақсадида жорий йилнинг июн ва октябр ойларида жаҳон оммавий ахборот воситалари вакиллари учун бир қатор пресс-турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

З.Пололикашвили UNWTO Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Бош Ассамблея мамлакат ва жаҳон туризм саноатида тарихий воқеа бўлиши учун барча ишни қилишини таъкидлади.

Шу муносабат билан UNWTO билан биргаликда мазкур тадбирларга нафақат УНWТОга аъзо 150 га яқин давлатнинг расмий делегациялари, балки халқаро ташкилотлар раҳбарлари, йирик сайёҳлик компаниялари директорлари ва инвесторларни ҳам жалб этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Битим имзоланди, уни Ўзбекистон Республикаси номидан UNWTO Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили имзолади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1