Аввалроқ, аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Хўш, янги агентликнинг вазифа ва функциялари нималардан иборат, аҳолини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш учун алоҳида агентлик тузиш зарурати бизда бормиди, янги тузилган агентликдан аҳоли қандай наф кўради? Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг бошлиғи ўринбосари Қутлимурод Чюренов Darakchi.uz нинг шу ва шу каби саволларига жавоб берди.
Янги агентлик тузишдан мақсад нима?
Бугунги кунда давлат томонидан кафолатланган 170 дан ортиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар бир-биридан тарқоқ тарзда бир нечта вазирлик томонидан кўрсатилмоқда.
Ҳурматли Президентимиз 30 май куни ўз сайловолди дастури юзасидан сўзлаган нутқида ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилиши, аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилинишини айтиб ўтдилар.
Президентимизнинг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” жорий йил 1 июндаги ПФ–82-сон Фармони билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Камбағаллик, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Молия, Мактаб таълими, Олий таълим вазирликларида тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар яхлит тизимга бирлаштирилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган ижтимоий давлат тамойилларини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизими жорий этилди.
Агентлик фаолиятининг асосий йўналиши нимада?
Ҳужжатда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулайлик яратиш давлат томонидан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши этиб белгиланган.
Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг бўлинмалари негизида Агентлик марказий аппаратида Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Ушбу бошқарманинг асосий вазифаси Ўзбекистонда ногиронликни белгилашда жаҳонда умумэътироф этилган ижтимоий моделга босқичма-босқич ўтишни таъминлаш ҳисобланади.
Амалдаги Ногиронликни белгилашнинг тиббий моделида фуқаронинг соғлиғини йўқотганлиги даражасига қараб ногиронлик белгиланади.
Ижтимоий моделда эса, фуқаронинг соғлиғини йўқотганлиги билан бир қаторда, жамиятда бино-иншоотлар, йўл инфратузилмалари, жамоат транспортлари, таълим олиш, меҳнат қилишда бошқалар сингари тенг равишда фойдаланиши учун тўсиқсиз муҳит яратилганлиги инобатга олинади.
Ижтимоий моделнинг асосий мақсади шахснинг соғлигини тиклаш билан бирга, бошқалар сингари иштирок этиши учун жамиятда тўсиқларсиз шароитлар яратиш ҳисобланади.
Яъни, жамият ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятларига қанчалик мослаштирилган бўлса, ногиронлик даражаси ҳам шунча камаяди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатларига нималар киради?
Имзоланган Фармонга мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ваколатли давлат органлари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурлар талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш ва жарималар қўллаш ваколати берилмоқда.
2023 йил 15 июндан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидан:
- Тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
- Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари;
- Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
- Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази;
- кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари;
- Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;
- кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар Агентлик тизимига ўтказилади. Қолган вазирликларда кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам ва хизматлар Агентлик тизимига босқичма-босқич ўтказилади.
Хулоса ўрнида нима дея оласиз?
Қилинган ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқларини таъминлашга, бошқалар сингари иштирок этиши учун жамиятда тўсиқларсиз шароитлар яратилишига, шунингдек кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ҳамда хизматларнинг самараси ва сифатининг тубдан яхшиланишига хизмат қилади.






