Ижтимоий тармоқларда эркак ўз вақтида тиббий ёрдам берилмагани туфайли аёлининг ҳомиласи нобуд бўлганини даъво қилган.
Мазкур вазият юзасидан вилоят ССБнинг аниқланишича, видеотасвирларда Касби туманилик 2004 йилда туғилган Ҳ.З. ҳақида сўз юритилган. Аёл Касби туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 9-оилавий поликлиникада 2022 йил 20 декабрь куни ҳомиладорлик ҳисобига (ҳомиладорлик I, 14 ҳафталик) олинган.
Ҳомиладор ва туққан аёллар индивидуал картасида қайд этилишича, унда клиник ва лаборатория текширувлари ўтказилган. Умумий қон таҳлили бўйича гемоглабин 88 г/л, камқонлик ўрта оғир даражаси, сурункали пиелонефрит билан оғриган. Ушбу касалликлар бўйича фақат уйида даволанган. Ҳомиладорлик вақтида скрининг текширувидан ўтишдан аёлнинг ўзи бош тортган.
Ҳомиладор аёл Ҳ.З. Касби тумани марказий шифохонаси туғруқ бўлимига 2023 йил 7 июнь куни соат 07:30 да мурожаат қилган. Навбатчи врач акушер-гинеколог Инобат Шомалиева томонидан текширилиб, ҳомиладорлик- I, 39 ҳафта, туғруқ даракчиси, сурункали камқонлик оғир даражаси, сурункали пиелонефрит ташхиси билан бўлимга қабул қилинган. Клиник лаборатория текширувларидан ўтказилган.
УТТ хулосаси бўйича: ҳомиладорлик - 39 ҳафта, ҳомила йўлдошини вақтидан олдин марказдан кўчиши ва ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлиши, ретроплацентар гематома ташхиси қўйилган ва керакли муолажалар стандарт асосида қилинган. Вазиятни ҳисобга олиб ҳомиладор аёл қариндошларни талаби билан “Тез тиббий ёрдам” машинасида шифокор Инобат Шомалиева кузатувида 7 июнь куни соат 16:10да вилоят перинатал марказига келтирилган.
"Бу ерда беморда зудлик билан кесар кесиш операцияси ўтказилган ва ўлик чақалоқ олинган. Амалиётдан сўнг даво муолажалари давом эттирилмоқда.
Бемор ва унинг яқинлари шифокорларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлишса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишлари мумкин", дейилади Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.






