АсосийJamiyat

Сенатор Уйчи туманида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди

'Сенатор Уйчи туманида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенатор Маҳмуджон Парпиев Уйчи туманида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида ишни “маҳаллабай” ташкил этиш аниқ натижа берадиган тизим экани амалда исботланмоқда. Жумладан, Уйчида ўзига хос тизим яратилган бўлиб, унга кўра, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўсиш нуқталари белгилаб олиняпти.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича ихтисослашиш орқали ҳар бир маҳаллада азалдан ривож топган соҳалар, яъни маҳаллий аҳоли кўпроқ қайси фаолият тури билан шуғулланса, айнан шу ва шунга ёндош фаолият турларини янада ривожлантириш, бу борада якка тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бозор талабига мувофиқ муайян соҳани изчил йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва пировардида аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришдек олийжаноб мақсад кўзда тутилмоқда.

Уйчи туманининг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида 8 минг нафар аҳоли яшайди. 1112 хонадон бор. 3700 нафардан ортиқ ишга лаёқатли инсон ўз қишлоғида ўзига ёқадиган, рўзғорини бойитадиган соҳани маҳкам ушлаган. Шундан барака топяпти. Вилоят марказига яқин ушбу ҳудудда қозонга тушадиган ҳамма маҳсулот етиштирилади. Йил – 12 ой помидор ва бодринг кўчати тайёрланиб, бозорга чиқарилади. Гулчиликка қизиқиш ободликларга ота-боболардан мероски, мазкур “бизнес” ҳам ҳозирги имкониятлар даврида жадал ривожланмоқда. Аксарият хонадонларда парник ва иссиқхоналар мавжуд. Ҳар йили 30-50 миллион сўмни ҳалол меҳнати билан даромад қилаётган миришкорлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ҳар икки ҳовлининг биттасида ёнғоқ дарахти бор. Ёнғоқ мағзини экспортга тайёрлашни ҳам ободликлар жойига қўйишади.

Қишлоқнинг яна бир диққатга сазовор “бизнеси” – якка тартибдаги тадбиркор Илҳомжон Усмонов ташкил қилган мева йиғиш ва экспортга тайёрлаш кичик корхонаси ҳисобланади. 500 нафардан ортиқ шу қишлоқ ёшлари апрелдан ноябрга қадар ўз ҳудудларидаги ҳамда қўшни қишлоқлардаги аҳолининг мева ва бошқа маҳсулотларини йиғиб-териб, ушбу цехга ўтказишади. Ҳисоб-китоб тарозининг устида, “пулини эрта ё индин оласиз” йўқ. Дарвоқе, кичик корхонага 100 та “Дамас” хизмат қилади, яъни шунча йигитнинг қозони қайнаяпти.

Сенатор хонадонларда бўлиб, туман мутасаддилари, маҳалла бешлиги, аҳоли вакилларига Сенатнинг қирқбиринчи ялпи мажлисида қабул қилинган қонунлар ҳақида шарҳ берди.

    Бошқа янгиликлар