Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида XX халқаро “Ипак ва зираворлар“ фестивали бўлиб ўтмоқда.
Бу йилги фестивал учун маҳаллий бюджет маблағларидан 500 млн атрофида пул ажратилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Сухроб Бобокалонов Darakchi.uz’га маълум қилди.
“Бу йилги фестивалда 400 дан ортиқ ҳам маҳаллий, ҳам хорижий ҳунармандлар иштирок этмоқда. Фестивални биринчи марта июнь ойида ўтказаяпмиз. Бунинг сабаби шундаки, шу пайтгача май ойининг охирроғида ўтказиларди, бу эса туристлар оқими айни кўпайган вақтга тўғри келарди. Июнь ойи иссиқ бўлганилиги сабаб хорижий сайёҳлар бироз камаярди. Ана шу даврийликни узайтириш учун ҳам фестивал июнь ойида ўтказиляпти.
Бизни E-mehmon деган дастуримиз бор. Бу дастур орқали келган меҳмонларни узлуксиз кузатиб борамиз. Ўтган йилнинг шу даврига қараб ҳисобласак, меҳмонхоналаримизнинг тўлиш даражаси 30 дан 80 фоизга чиқди. Июнь ойининг жазирамасига қарамасдан, бу натижага эришишимиз жуда зўр. Ҳозирда 10 мингга яқин хорижий ва яна шунча маҳаллтй сайёҳлар Бухорода юрибди.
Фестивал учун илк маротаба минимал сумма сарфланди. Фақат маҳаллий маблағлар жалб қилинган. Республика бюджетидан олинмаган”, деди Сухроб Бобокалонов.






