Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20 июнь куни умумтаълим мактабларининг раҳбар кадрлари учун форматив ва сумматив баҳолаш тизимига бағишланган “Мезонларга асосланган баҳолаш тизими” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди.
Унда 60 дан ортиқ мактабдан 100 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.
Мазкур тренинглар доирасида иштирокчиларга сумматив-форматив баҳолаш тизими ва унинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот бериш кўзда тутилган.
Маълумот учун, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар янги мезонларга асосланган ушбу баҳолаш тизимига босқичма-босқич ўтказилган бўлиб, эндиликда ушбу тизим босқичма-босқич барча мактабларда амалга оширилади.
Ушбу баҳолаш тизимининг амалдаги тизимдан фарқи — баҳолаш жараёнларида инсон омилининг минималлаштирилганида бўлиб, у ўқувчининг билимини объектив баҳолаш ҳамдатўғри йўналтиришга замин яратади.
Сумматив баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда Агентлик тизимидаги мутахассислар томонидан Европа ва Марказий Осиёнинг 30 дан ортиқ давлатлари тажрибаси ўрганилди.
2023-2024-ўқув йилидан бошлаб республиканинг ҳар бир туманидан танлаб олинган мактабларда тажриба-синов тариқасида янги баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги барча мактаблар таянч мактаб сифатида белгиланган.