АсосийJamiyat

Акмал Нур ШҲТнинг эзгу ният элчиси бўлди

'Акмал Нур ШҲТнинг эзгу ният элчиси бўлди'ning rasmi

Шу йил 20 июнь куни Пекин шаҳрида ШҲТ кунига бағишланган қабул  доирасида Ташкилотга аъзо давлатларнинг тегишли  бир гуруҳ  вакилларига ШҲТнинг эзгу ният элчиси фахрий унвонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Маросимда ШҲТга аъзо давлатлар элчилари, доимий вакиллар, Хитой давлат идоралари вакиллари, ШҲТ кoтибияти раҳбарияти ҳамда ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Ўзбекистон Республикасидан номзод Aкмал Нурга “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони сертификатини тантанали тарзда топширди. 

Маълумки, Ташкилотнинг 2021 йилда Душанбе шаҳрида ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "ШҲТнинг эзгу ният элчиси" институтини жорий қилиш ташаббусини илгари сурган эди. 

2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида  Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан “ШҲТнинг эзгу ният элчиси”нинг фаолият ваколатлари, функционал вазифалари ва молиявий йўриқлари кўрсатилган тегишли Низом тасдиқланди. 

ШҲТнинг ушбу фахрий унвонига биринчилардан сазовор бўлган  Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшаётган, ижоди билан нафақат юртимиз, балки  хорижда ҳам довруғ қозонган рассом саналади. 

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвонини олган илк намояндалар саъй-ҳаракати келгусида маданий-маърифий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақада ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик, яхши қўшничилик ва тенг манфаатли алоқаларни изчил йўлга қўйишда хизмат қилишига ишонч билдирди.

    Бошқа янгиликлар