Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтиши боис оилавий поликлиника ходимлари фуқаролардан шахсий ҳужжат маълумотларини талаб қилаётганига доир хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент Соғлиқни сақлаш бошқармаси изоҳ берди.
Маълумки, 2023 йил 1 июль санасидан Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш белгиланган.
Бунинг учун пойтахтдаги 72 та поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликликлиника ва 40 та шифохона компютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиб, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилди.
Мазкур тизим ишга тушгач, фуқаролар кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш пакетларидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни электрон базага ҳар бир беморнинг ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади ва профилактика ҳамда даволаш чораларини кўради.
Қолаверса, беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин. Натижада оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, қатновлар сони камаяди.
Афсуски, сўнгги кунларда давлат тиббий суғуртаси тизимининг моҳияти тўлиқ англаб етилмасдан жамоатчилик орасида "энди оилавий поликлиника хизматлари пуллик бўлар экан" деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.
Аввало, шуни айтиш керакки, поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пуллик хизматлар кўрсатилиши ҳақида интернетда тарқалган хабарлар асоссиз.
Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми доирасида давлат тиббий хизматлари бепул тақдим этилади.
Бунинг учун фуқаро эндиликда оилавий шифокор қабулига келган вақтда идентификасиядан ўтиши лозим. Яъни
“Электрон поликлиника”га маълумотларни киритиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи хужжатни тақдим этиши зарур.
"Агар телефон орқали кимдир ўзини оилавий поликлиника “ходими” дея таништирса ва сиздан ўзингиз ҳамда оила аъзоларингиз паспорти ва фарзандларингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхаларини интернет тармоғи орқали узатишни сўраса, буни рад этинг.
Аксинча оилавий поликлиника ходимлари телефон орқали сиздан паспорт маълумотларини тасдиқлаш учун вақт ажратишингиз ва тиббиёт муассасасига шахсан келишингизни сўрайди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктириш вояга етган шахс томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган шахсларни бириктириш унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллар томонидан бажарилади.
Шу ўринда пойтахт аҳолисидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтиши муносабати билан ўзи ва оила аъзоларининг шахсий ҳужжатлари билан ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз", - дейилади хабарда.






