Хоразм вилояти Шовот туманида ҳаракатланиб кетаётган Damas'да ёнғин юз берди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Кеча, 1 июль куни соат 21:56 да Шовот тумани “Пахтакор” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-159 автомобиль йўлида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро М.С. бошқарувидаги Damas машинасида ёнғин содир бўлган. Ёнғин оқибатида автомобилнинг двигатель ва салон қисми ёнган.
Воқеа жойига Шовот тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари зудлик билан етиб бориб, соат 22:12 да автомобилда юзага келган ёнғинни тўлиқ бартараф этган.
Ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.






