Ижтимоий тармоқларда президент маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев йиғилишда ҳокимлар ва сув хўжалиги раҳбарларини қўшиб ёзиш ва суғориш ишлари сифатсиз олиб борилаётгани учун танқид қилган видео тарқалди. У прокуратурага Қашқадарё вилоятининг учта тумани ҳокимларини жиноий жавобгарликка тортишни буюрди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раислигида 30 июнь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишидан видео тарқалди.
Кадрларда маслаҳатчи ўринбосарининг туман ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларни танқид қилгани, айримларини жавобгарликка тортиш бўйича прокуратурага топшириқ бергани акс этган.
«Ҳозир Қамаши тумани ҳокими [Ботир Тоғаев], Ғузор тумани ҳокими [Бекзод Суюнов]ни чақириб, идорангизга боринг. Кўкдала тумани ҳокими [Хуррам Жўраев]ни ҳам чақириб, оғайни, сув бўйича жавобгар қиласиз. Учта туман „водхози“ раҳбарини ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз. [Сув хўжалиги вазири Шавкат] Ҳамроев учаласиниям ҳозир ишдан олиб ташлайди. Ҳокимини ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз. Ҳозир уч нафар ҳоким ўринбосарини ҳам ишдан оламиз», — деди у.
Сўнг Нишон тумани ҳокими Мухтор Хайитмуродовга юзланиб, уни буғдойдан бўшаган ерларга қайта экиш бўйича рақамларни қўшиб ёзишда айблади.
«Катта холангнинг чорвоғими бу, Мухтор? Бу нима қилганинг? 6200 гектар босворибсан. Гапир, Мухтор. Ҳозир бориб ўлчайми?» — деб сўради Шуҳрат Ғаниев.
Бунга жавобан ҳоким топшириқ қайта кўриб чиқилаётганини айтди. «Нима қиласан бунақа ёлғон маълумотни бериб? Кимни алдаяпсан?» — деди маслаҳатчи ўринбосари.
«Қарши тумани 5830 гектар экиб ташлабди, 3315 та хонадонга 1100 гектар хонадонга эктириб ташлабди», — деди Шуҳрат Ғаниев. Туман ҳокими Беҳзоджон Юсупов эса бу рақамларни яна бир бор ўрганишини билдирди.
«Сен жипириқ, рақамларни кўрмайсанми? Демак, такрорий экин бўйича ишламаяпсан экан-да, жипириқ? (Прокуратурага мурожаат қилиб — таҳр.) Ҳозир Косон, Қарши, Нишон, Миришкор туманлари ҳокимларини чақирасиз, хўпми?» — деди у.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев томонидан тақдим этилган 2700 оилага мўлжалланган 900 гектар (жами 4900 гектар) ерга экин экиш бўйича маълумот прокуратура томонидан текширилиши кераклигини айтди.






