АсосийJamiyat

"UzAuto Motors Powertarin" заводи “Machining head” ва “Силиндр блоклари”ни ишлаб чиқаради

'"UzAuto Motors Powertarin" заводи “Machining head”  ва “Силиндр блоклари”ни ишлаб чиқаради'ning rasmi

Кеча, 4 июль куни  "Ўзавтосаноат" АЖ таркибига кирувчи "UzAuto Motors Powertarin"  заводида Ўзбекистон автомобилсозлик саноатида муҳим воқелик - Chevrolet Tracker вa Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқаришда фойдаланилувчи CSS-Prime янги авлод двигателларининг “Machining head”  ва “Силиндр блоклари” линиялари тантанали тарзда ишга туширилди. Мазкур линиянинг ишга туширилиши корхона ривожининг янги босқичга кўтарилиши ҳамда "Power To Drive" шиори остида фаолият юритишига туртки бўлди.

Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу авлод двигателларини йиғиш "UzAuto Motors Powertarin" заводида 2022 йилнинг декабр ойидан бошланган. Бугундан бошлаб корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади, яъни заводга келтирилувчи ишланмаган деталлар (хомашё)лар юқори аниқликда ишловчи энг илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда қайта ишланади.

Механик қайта ишлаш линиясининг ишга туширилиши CSS-Prime двигателларининг маҳаллийлаштириш даражасини оширилишига, шунингдек, компонентларни тўғридан-тўғри йиғув линиясига етказиб бериш орқали сифатнинг ҳам ортишига сабаб бўлади. Келгусида двигателларнинг маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш мақсадида “силиндр блоки” ва “Machining head” ларни юқори босимда ишлаб чиқарувчи қуюв цехини ишга тушириш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойида CSS-Prime двигателларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилгач, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 415 000 донага етказилди.

"МДҲ давлатларида аналоги бўлмаган юқори аниқликдаги ва юқори сифатли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда қўшган ҳиссангиз учун барчангизга улкан миннатдорчилик билдираман. Янги авлод CSS-Prime  дввигателлари линиясининг маҳаллийлашуви ҳар қандай шароитда автомобилнинг ишончли ишлашини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари ушбу двигателлар Evro-6 стандартига мос келувчи юқори экологик тозаликка эга бўлиб, бу маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги истиқболини яна кенгайтиради", - дея таъкидлади "UzAuto Motors Powertarin"заводининг Бош директори Бо Андерссон.

"UzAuto Motors Powertarin" заводи нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки хорижий давлатларга ҳам истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган сифатли двигателларни ишлаб чиқаришга интилмоқда. Мазкур двигателларни йиғиш тўлиқ завод ҳудудида амалга оширилмоқда, бунинг натижасида Chevrolet Tracker вa Chevrolet Onix автомобилларининг маҳаллийлаштириш даражаси бир поғона юқорига кўтарилди.

Двигателларни маҳаллийлаштиришнинг навбатдаги босқичи нолдан қурилган янги қуюв цехининг ишга туширилиши бўлиб, бу ерда CSS-Prime двигателлари учун қолиплар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

    Бошқа янгиликлар