АсосийJamiyat

Миллий гвардия ҳар бирининг бошланғич нархи 2,3 миллиард сўм бўлган 10 та от сотиб олмоқчи. Маблағ давлат бюджетидан ажратилмайди

'Миллий гвардия ҳар бирининг бошланғич нархи 2,3 миллиард сўм бўлган 10 та от сотиб олмоқчи. Маблағ давлат бюджетидан ажратилмайди'ning rasmi

Ўзбекистон Миллий гвардияси От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳар бирининг бошланғич нархи 2,3 миллиард сўм бўлган 10 та от сотиб олиш учун тендер эълон қилди. 

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида келтирилган маълумотга кўра, тендер 23 июнда бошланган ва 21 июлгача давом этади. 10 та отни харид қилиш учун бошланғич нарх этиб 23 миллиард 305 миллион 391 минг сўм белгиланган. Тендер энг арзон мос таклифни танлаб олиш шаклида ўтказилади. Сотувчи отларни 90 кун ичида етказиб бериши керак бўлади. Отлар Европа иссиқ қонли, тоза зотли, ёши эса 7−11 оралиғида бўлиши талаб этилади.

Darakchi.uz Миллий Гвардия марказий девонида Ёшлар ўртасида ҳарбий ватанпарварлик ва спорт ишларини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи Қамбарали Азизов билан боғланиб 2,3 миллиард сўмли отлар ҳақида тарқалган гап-сўзларга ойдинлик киритди. 

"Отлар олий спорт маҳорати мактаби чавандозларининг халқаро мусобақаларга (Жаҳон кубоги, Миллатлар кубоги, Евроосиё кубоги, Жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларининг турли босқичларида) тайёргарлик кўриши ва муваффақиятли иштирок этиши учун харид қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5212-сон қарорлари билан Миллий гвардия тасарруфида  ҳар бир вилоятда биттадан чавандозлар мактаблари очилиши белгиланган. Қолаверса, қарор ижроси билан Сурхондарё вилоятида йўқолиб кетаётган қора байр зотли отларини етиштириш ва уларни кўпайтириш ҳамда чет элга сотишга иқтисослаштирилган алоҳида мактаб ташкил қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарорига мувофиқ ҳар бир мактабга йилига 5 млрд сўмлик пул ажратилиши кўрсатилган лекин ҳозирги вақтда амалда бўлаётгани йўқ.

Шуларни инобатга олиб, ўзбекистонлик чавандозларнинг халқаро мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллашларини таъминлаш учун, зотдор отларни харид қилишимиз керак. Биз тендирда 2 млрд кўрсатганмиз, аммо буни ярим нархига ҳам олиб келишимиз мумкин. Мисол учун, Германия 1,5 млрдга, Франция 1,2 млрд, Голландия 1 млрдга топиб бериши мукин. Қайси давлат энг паст нарх айтса ўша давлатдан от олинади.

Белгиланган пул давлат бюджетидан эмас, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг ҳайрия маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.  

Отлар фақат чет элга ўзбек чавандозлари чиққанда уларнинг ихтидорини кўрсатиб бериш учун олинмоқда",– дейди Қамбарали Азизов.

    Бошқа янгиликлар