Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисидаги нутқига Хитой замонавий халқаро муносабатлар академиясининг Евроосиё тадқиқотлари институти директори Дин Сяосин муносабат билдирди. Унга кўра:
- Ўзбекистон етакчиси ҳар доимгидек ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг барча муҳим соҳалари ва йўналишларини қамраб олувчи бир қатор амалий ташаббусларни илгари сурди.
БМТ билан ҳамкорликда глобал ва минтақавий кун тартибига доир ўткир муаммоларни муҳокама қилиш учун доимий ишловчи Самарқанд ташаббуси майдончасини ишга туришириш тўғрисидаги ғоя долзарб аҳамият касб этади. Бу ташаббус барқарорлик ва тараққиёт борасидаги умумий манфаатлар йўлида тамомила янги, зарур таклифларни ишлаб чиқиш, ҳозирги кундаги чақириқлар ва хавф-хатарлар қаршисида якдилликни намойиш этиш имконини беради.
Ўзбекистон Раҳбари хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни тилга олди. Янги ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиб, айниқса, ёшлар ва вояга етаётган авлод олдида вужудга келаётган радикаллашув хавф-хатарларини инобатга олганда, ШҲТ маконида экстремистик ғояларга қарши туриш бўйича қўшма дастурни қисқа муддат ичида ишлаб чиқиш ташаббусини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.