АсосийJamiyat

Участка сайлов комиссияси овоз бериш куни қандай фаолиятни амалга оширади?

'Участка сайлов комиссияси овоз бериш куни қандай фаолиятни амалга оширади?'ning rasmi

Маълумки, сайловларнинг муваффақиятли ўтишида участка сайлов комиссиялари ҳам ўта муҳим ўрин тутади. 

Хўш, участка сайлов комиссиялари қандай тартибда тузилади? Унинг ваколати ва зиммасидаги вазифалар нималардан иборат? 

Сайлов кодексининг 23-моддасига биноан округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида участка сайлов комиссияси беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. 

Участка сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади ҳамда уларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

УСКлар ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига ва сайловга оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилган ҳолда мавжуд масалаларни кўриб чиқиб қарорлар қабул қилади. УСКлари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.

Эътибор қаратинг, Сайлов кодексининг 53-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги низомнинг 50-бандига асосан сайлов куни овоз бериш биноси участка сайлов комиссияси аъзоларининг учдан икки қисми ҳозир бўлганда очилади.

Мазкур тартибнинг жорий қилинишидан кўзланган мақсад — мамалакатимизда сайловларни шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш, шунингдек, сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказишда қонунчилик нормаларига тўлиқ амал қилишни таъминлашдан иборатдир. Мободо УСК раиси айрим сабабларга кўра, сайлов куни сайловда иштирок этмаса, УСК аъзолари йиғилиш ўтказиб ўзларининг орасидан раис сайлашлари лозим бўлади.

Шунингдек, Сайлов кодексининг 54-моддасидаучастка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти белгиланган. Унга кўра, сайлов куни участка сайлов комиссияси томонидан қуйидаги вазифалар кетма-кетликда амалга оширилади:

Биринчи вазифаовоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. 

Соат 8.00 дан олдин сайлов участкасига келган сайловчилар ва бошқалар албатта давлат мадҳияси янграшини кутиши ва таъбир жоиз бўлса, мадҳия янграётган вақтда уни тик турган ҳолда эшитиб, ўнг қўлини кўксига қўйган ҳолда бирга куйлаши ҳам мумкин бўлади. Бу албатта, сайловларда иштирок этаётганларнинг сиёсий маданияти юқорилигидан далолат беради. 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида ҳам овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Иккинчи вазифа: УСК аъзоларига сайлов бюллетенлари далолатнома асосида топширилади. Бунда сайлов жараёнида сайловчиларни ўз бюлетенларини олишда бир жойга тўпланиб қолмаслиги, уларга янада қулайликлар яратиш, сайловчиларга тартибли равишда бюллетенларни бериш мақсадида, ҳар бир участка сайлов комиссияси аъзоларига сайловчилар фамилияси алифбо кетма-кетлигида сайловчилар рўйхати асосида тақсимлаб берилади.

Учинчи вазифа: УСК раиси овоз бериш бошланганлигини эълон қилади. Мазкур ҳолатда УСК раиси томонидан сайлов участкасида ҳозир бўлганларга сайлов бошланганлиги тўғрисидаги маълумотни эълон қилиб, кейинги ҳаракатга ўтади.

Тўртинчи вазифа: Участка сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида сайлов қутиларининг бўшлигини текширади ва уларни бир маротаба ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбалайди, пломбалар рақами кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.

Бешинчи вазифа. УСК раиси ёки унинг ўринбосари томонидан сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, ОАВ вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этаётган бўлса, уларга сайлов участкасидаги сайловчилар сони, округ сайлов комиссиясидан олинган сайлов бюллетенларнинг сони, шунингдек, муддатидан олдин овоз берганлар сони маълум қилинади.

Олтинчи вазифа: УСК раиси, раис ўринбосари ёки котиби томонидан овоз бериш бошланганлиги ҳақида алоқа воситалари орқали округ сайлов комиссиясига хабар берилади. 

Еттинчи вазифа: Сайловчиларга тақдим этилган сайлов бюллетенлари сонининг ҳисоби ҳар соатда юритиб борилади.

Бундан ташқари УСКда сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, ОАВ вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар тегишли сайлов комиссияси томонидан берилган ҳужжатлар асосида рўйхатга олинади. 

Шерзод Зулфиқоров,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, 
эксперт гуруҳи аъзоси 

    Бошқа янгиликлар