Жорий йилнинг 3−7 июль кунлари Тошкентда "Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат" мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Унинг доирасида 5 июль куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими трансформасияси ва замонавий тиббиёт тизими ривожига бағишланган анжуман ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тиббиёт йўналишига ўқишга киришда ҳам "суперконтракт" мавжудлигига ўз муносабатини билдирди.
"Суперконтракт" масаласида, албатта, фикрим ижобий эмас. Тиббиётда ўқиш осонмас. Мана, ҳозир нима учун тиббий таълимни тўлиқ трансформасия қиляпмиз? Тиббиёт йўналишидаги талаба энди икки босқичда имтиҳон топширади. Учинчи курс тугаганидан кейин фундаментал фанлар бўйича биринчи имтиҳонни топширади. Ушбу имтиҳонни ўша олий таълим муассасаси ўқитувчилари эмас, умуман бошқа ташкилот [вакиллари] олади. Фундаментал фанлар имтиҳонидан ўтган талаба 4−5−6-курсларда клиник фанлар бўйича ўқитилади ва кейин иккинчи марта имтиҳон топширади. Талабанинг ҳам фундаментал, ҳам клиник фанларни тўлиқ халқаро даражада эгаллаганидан кейин ишлашига рухсат берилади", — деди ССВ раҳбари.
Вазир "тиббиёт соҳасида „суперконтракт“ бутунлай йўқолиши мумкинми?" деган саволига қуйидагича жавоб берди: "Албатта, буни ҳукумат белгилаб беради. Биз ҳукуматга таклифимизни киритганмиз".
Шунингдек, ССВ раҳбари "суперконтракт" йўқоладими йўқми, асосий эътиборни ОТМларда таълим бериш ва талабаларнинг билимини текширишга қаратиш кераклигини таъкидлади.
"Гап талабанинг ўқишида ва бизнинг филтримизда. Хоҳлаган талаба "суперконтракт" кириши мумкин, бутун дунёда тенденсия шунақа. Билими бўлса, малакаси бўлса, кириши мумкин: у "суперконтракт"га кирадими, ўз билими билан кирадими. Энг асосийси, биз филтрни халқаро талаблар даражасида қилиб қўйсак, ўзи ҳамма талаба филтрланади", — деди вазир.
07.07.2023 17:03
Тиббиётда "суперконтракт"ни олиб ташлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритганмиз — Соғлиқни сақлаш вазири






