Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида донишманд халқимиз 9 июль куни жуда катта сиёсий тадбирни юқори савияда, ёруғ юз билан ўтказганини қайд этди.
Янгиланган Конституция асосида бўлиб ўтган сайловларда фуқароларимиз юксак уюшқоқлик кўрсатиб, ўзларининг сиёсий маданияти ва фаоллигини намоён қилгани ва буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этаётгани таъкидланди.
“Биз барчамиз Ўзбекистон деган қадимий, гўзал ва бетакрор юрт фарзандларимиз. Шу қутлуғ заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бугунги ҳаёти, тақдири ва келажаги ҳам бир.
Барчамиз учун Ватан ва халқ манфаатлари муқаддас ва энг устувор мақсаддир. Сайлов жараёнида ҳаммамиз учун муштарак бўлган ана шундай улуғ ғояларни етакчи ўринга қўйган барча номзодларга ўз ташаккурларимни айтаман”, - деди Президент.
Давлат раҳбари сайловда фаол иштирок этган, ўзининг хоҳиш-иродаси, юксак сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини яққол намоён этган, кенг кўламли демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган барча ватандошларимизга, бутун халқимизга самимий ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.
“Бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизнинг менга билдирган юксак ишончини оқлаш учун сафарбар этишга, бу йўлда, керак бўлса, жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман”, - деди Президентимиз.
Шундан сўнг, давлат раҳбари Амударё, Қўрғонтепа, Бухоро, Миришкор, Чироқчи, Хатирчи, Пайариқ, Оқолтин, Гулистон, Оққўрғон туманлари, Навоий ва Янгийўл шаҳарларида бу кўрсаткичлар пастлиги, инвестиция муҳити қониқарсизлиги танқид қилинди.
Президент ушбу туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берди.
Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ушбу ҳокимлар фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.