Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда аёл доимий эридан калтак еб келгани учун, унинг зулмидан қочиб, Россияда ишловчи онаси ва акасининг олдига кетишга уринганида эри уни ушлаб олиб, сочларини кесиб ташлаб, ургани ва боғлаб қўйгани айтилган видеохабар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳодиса Шаҳрисабз шаҳар "Қушхона" МФЙда 2018 йилдан буён қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган, 1992 йилда туғилган фуқаро Ш.M. ва 1997 йилда туғилган фуқаро Й.С.лар ўртасида ўзаро оилавий келишмовчиликлар туфайли 2021 йил май ойида содир этилгани аниқланди.
Фуқаро Й.С. (аёл) юқоридаги ҳолат бўйича илгари ички ишлар органларига мурожаат этмаган.
Таъкидланишича, эр-хотин Ш.M. ва Й.С. ўртасида 2022 йил июнь ойида ҳам жанжал бўлиб, мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида кўриб чиқилиб, суднинг 2022 йил 26 июль кунидаги қарорига асосан, аёлнинг турмуш ўртоғи Ш.M. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, жарима жазоси қўлланилган.
Ҳозирги кунда тарқалган видео юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






