Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси жамоат фаоллари ва журналситларни буллинг қилиш, ҳақоратлаш билан шуғулланувчи “Online muxbir” каби бир нечта телеграм каналлар асосчиси устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига аризалар киритди:
"Айни кунда тор ва кенг доирадаги ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ахборот ва материалларнинг барчаси ҳам қонун талабларига жавоб беради, деб бўлмайди. Хусусан, журналист касб этикасидан, одоб-ахлоқ қоидаларидан йироқ бўлган, ОАВ ва бошқа соҳаларга оид қонунларга риоя қилмасдан сўз эркинлигидан нотўғри ва ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Ижтимоий тармоқларда инсон шаъни, қадр-қиммати ерга урилиб, туҳмат, ҳақоратомуз чиқишлар учраётгани, авж олиш эҳтимоли мавжудлиги ташвишланарли. Мисол учун, “Online muxbir” сингари баъзи бир телеграм каналларда халқимизнинг таниқли инсонлари, давлат ва жамоат вакиллари, устоз журналистлар, обрўли ва фаол ОАВ вакиллари ҳақида куракда турмайдиган турфа бўҳтон хабарлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу бўйича қатор мисоллар мавжуд.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва ана шундай тармоқ эгаларини аниқлаш, хусусан, “Online muxbir” телеграм канали асосчисига нисбатан қонуний чора кўрилиши, канал томонидан тарқатилаётган қонунга зид ахборотларга тегишли тартибда жавоб берилишини сўраб ҳуқуқ-тартибот идораларига аризалар киритди" – дейилади уюшма хабарида.






