АсосийJamiyat

"Отанинг болаларига ғамҳурлик қилмаётганлиги ҳам болага нисбатан зўравонлик учун шарт – шароит яратган"

'"Отанинг болаларига ғамҳурлик қилмаётганлиги ҳам болага нисбатан зўравонлик учун шарт – шароит яратган"'ning rasmi

Россиядаги эри билан жанжаллашган самарқандлик аёл фарзандларини калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Омбудсман аёл ҳолати бўйича расмий муносабат билдирди.  

Масъулларнинг ўрганишича, болаларни калтаклаган она турмуш ўртоғи билан севишиб турмуш қурган, 3 нафар фарзанди бор, фарзандлар 4, 3 ёш ва 7 ойлик.

Турмуш ўртоғи хорижга ишлашга кетган. Келин оиласида қайнопаси билан бир неча йилдан буён келишмай келгани сабабли ота уйига кетиб қолган. Ота уйида молиявий жиҳатдан қийналган, турмуш ўртоғидан пул юборишини талаб қилган. Натижада жанжал келиб чиққан ва мазкур ҳолат юз берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

" Болаларнинг отасини қонунда белгиланган мажбуриятларини бажармаганлиги, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви болаларга нисбатан зўравонлик қилиш учун шарт-шароит яратган. Лекин, афсуски, болаларнинг онасидан бошқалар жавобгарликдан четда қолмоқда.  

Юқоридаги ҳолатда отанинг болаларига ғамҳурлик қилмаётганлиги ҳам болага нисбатан зўравонлик учун шарт – шароит яратган.

Бундай ҳолатга йўл қўйган оила аъзоларини ҳам, аёлни ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди.

Қайд этиш лозимки, 2023 йилги “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ Бола ҳуқуқлари бўйича вакил назоратида, масъул ижрочилар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Боларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни” лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Ушбу лойиҳада “ғамҳўрлик кўрсатмаслик” тушунчаси очиб берилмоқда. Яни, ғамҳўрлик кўрсатмаслик – ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) зарур имкониятлар, билим ва кўникмалар, шунингдек тегишли хизматлардан (давлат, тиббий, таълим, ижтимоий ва бошқалар) фойдаланиш имкониятига эга бўлишига қарамай қармоғидаги боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий ва ахлоқий ривожланишининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкин бўлган жисмоний, моддий ва (ёки) психологик эҳтиёжларини қондирмаслик", - дея қайд этилади муносабатда.

 

Омбудсманнинг маълум қилишича, сўнги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бораётганлиги, мавжуд ҳуқуқий механизмлар зўравонликларни олдини олиш ҳамда жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самарасини бермаётганлигини кўрсатмоқда.

Охирги 3 йилда 2 072 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 1 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун бўлса 23 нафари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлганлиги, куч ишлатганлиги ёки руҳий таъсир кўрсатганлиги сабабли.

Маълумот ўрнида:Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.

Оила кодексининг 75-моддасида ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмаслиги белгиланган.  

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, аҳлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади деб белгиланган.

 

    Бошқа янгиликлар