Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “2023-йил учун Статистика дастури”да белгиланган муддатда “Минимал истеъмол харажатлари” қиймати ҳисобланди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилди.
2022 йил (йиллик) инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
18.07.2023 12:00
2023 йил учун минимал истеъмол харажатлари эълон қилинди






