Аввал хабар берилганидек, блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбарининг маълум қилишича, у Жиноят кодексининг қуйидаги бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:
- 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари,
- 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди,
- 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди,
- 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми,
- 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” банди.
Унга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг иш юритувига келиб тушган бўлиб, уни кўриб чиқиш жорий йилнинг 25 июль куни соат 15.00 да бошланиши белгиланди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилади.
Маълумот ўрнида: Абдуқодир Мўминов 1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, “Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган.






