Ижтимоий тармоқларда Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Дўрмон ижод уйи бузиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билан чиқди.
"Кечадан бери ижтимоий тармоқларда Дўрмон ижод уйи бузилаётгани, у ерда яшаб турган адиблар меҳмонхона ва коттежлардан чиқарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто “Дўрмонни сақлаб қолайлик”, деган иддаоли постлар ҳам ёзилди. Ваҳоланки, бу ерда ижод уйи бузилаётгани йўқ, аксинча маскан янада кўпроқ ижодкорларга хизмат қилиши учун кенгайтирилмоқда. Ушбу кенгайтириш ишлари якунлангач, улуғ устозлар ижод қилган бу гўшада адабий давралар ўтказиш, хорижий меҳмонларни кутиб олиш ва улар билан ижодий мулоқот қилиш, ҳозиргидан кўра уюшманинг икки-уч баравар аъзолари ижод қилиш ва дам олиш имконияти яратилади",–дейилади хабарда.






