Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази ходими 10 гектар суғориладиган ер майдонини 24 млн. АҚШ долларига сотиб олиб бериш учун 1,5 млн. АҚШ долларини беришини талаб қилди. Шундан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Зангиота тумани Давлат хизматлари маркази ходими ўзганинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, унга Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 10 гектар суғориладиган ер майдонини 24 млн. АҚШ долларига сотиб олиб беришини айтиб, ер майдонига эгалик ҳуқуқини берувчи қарорни чиқартириб бериш эвазига келишилган суммадан 1,5 млн. АҚШ долларини беришини талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1972 й.т., муқаддам судланган шахс фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш учун ажратилган 4 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга олиб бериш эвазига 2,5 млн. АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 200 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.