2023 йил 15 июль куни соат тахминан 23:30ларда Б.О “SPARK” автомашинасини Чирчиқ шаҳар 4-кичик ноҳияда жойлашган танишининг уйи олдида қолдирган. Эртаси куни, соат 05:00ларда чиқиб қараса, уй олдида қолдирган автомашинани номаълум шахс олиб қочиб кетганлиги маълум бўлган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни Юқоричирчиқ туманида яшовчи, вояга етмаган 16 ёшли қиз томонидан олиб қочилганлиги ва ушбу автомашинада Чирчиқ шаҳар “Октябрь” қўрғони томондан ҳаракатланиб кетаётган вақтида светофор билан тартибга солинган автомобиль йўлида тўхтаб турган 44 ёшли Т.М. нинг бошқарувида бўлган “Сobalt” русумли автомашинанинг орқа томонидан уриб юбориб, йўл транспорт ҳодиса содир қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган М.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Жиноят иши доирасида, гумон қилинувчи қиздан нима сабабдан ушбу жиноятни содир қилганлиги сўралганида, у Чирчиқ шаҳар 4-кичик ноҳияда жойлашган ўзининг танишининг хонадонида вақтинчалик яшаб келаётганлигини, ва шу куни унинг хонадонга б.О. келиб ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, унга тегишли автомашинасининг пульти ва калитини олиб, мазкур автомашинада дўконга бориб келмоқчи бўлганлигини маълум қилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.






