Куни кеча, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қуриладиган автомобиль йўли сабаб умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев ҳолат бўйичa вазирлик позициясини билдирди. Унга кўра, вазирлик дарахтлар йўқотилишига қатъиян қарши. Хусусан:
Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирилигига:
– А-380 “Ғузор - Бухоро - Нукус - Бейнеу” автомобиль йўлининг 150-228 км (78 км) қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида автомобиль йўлининг кенгайиши ҳисобига 31 371 туп дарахтларни кўчиришга рухсат бериш;
– Сурхондарё вилоятининг “4Р105 “Дарбанд - Бойсун - Элбаён” автомобиль йўлининг 5-70 км ва 4Р100 “Манғузор - Жарқўрғон - Бандихон - Олтинсой - Денов” автомобиль йўлининг 128-174- км қисмларини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида 22615 туп дарахтларни кўчириш ёки компенсация тўловларисиз кесишга рухсат бериш масаласида мурожаатлар киритилган.
Собиқ депутатнинг таъкидлашича, вазирлик томонидан дарахтларни кесишга қарши Президент Фармонига асосан жорий этилган мораторий талабларидан келиб чиқиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам рад жавоби берилган. Ва бундан буён ҳам рухсат беришга доир ҳар қандай мурожаат ва топшириқларга рад жавоби берилади.
Мазкур масала куни кеча Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдухакимов иштирокида такроран муҳокама қилиниб, мораторий талабларига қатъий риоя қилган ҳолда дарахтларни сақлаб қолиш бўйича вазирликнинг позицияси ишлаб чиқилиб, тез кунларда иккала ҳудудда ҳам бу масалада жамоатчилик иштирокида эшитув ташкил этилиши белгиланди.
️Таъкидлаш жоизки, вазирлик дарахтлар йўқотилишига доир мазкур лойиҳалар бўйича ўз позициясида қатъий ва бундай буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Шунингдек, масалага Ўзбекистон Экологик партияси ҳам аралашди.
Партия эълон қилган расмий муносабатга кўра, Ўзбекистон Экологик партияси мавжуд ҳолатни тўла ўрганиб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, олим ва мутахассиларни жалб қилган ҳолда ҳудудга жўнаб кетишди.
"Биз ўрганиш натижалари бўйича жамоатчилигимизни ҳамда экофаолларимизни албатта хабардор қиламиз. Дарахтларни сақлаб қолиш, атроф-муҳитимизга хавф соладиган барча ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича давлат органларига ўз таклифларимизни берамиз ва назоратимизга оламиз",–дейилади партия муносабатида.






