Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бошланди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб бермоқда.
“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик.
Янги Ўзбекистон, бу – ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик.
Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат”, - деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.
Биргина охирги икки йил ичида ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, 40 га яқин Президент фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилингани қайд этилди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди.






