Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Ҳалқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табриги йўллади.
Жумладан:
Сиз, азизларни, бутун Ўзбекистон халқини 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Кўпмиллатли халқимиз – бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик – барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам асосидир.
Азал-азалдан ўзининг дўстлик, биродарлик ва бағрикенглик анъаналари билан шуҳрат қозонган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва аҳил яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 38 та дўстлик жамияти ва 153 та миллий маданий марказ эркин фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимиздаги давлат таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда таҳсил олаётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.
Барча ҳудудларимиздаги “Дўстлик уйлари” турли миллатга мансуб фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишларимиз ҳам Ўзбекистоннинг дўстлик ва инсонпарварлик диёри сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугун – ушбу қувончли айёмда “Халқлар дўстлиги” фестивали доирасида ўтказилаётган турли маданий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ҳаётимиз қоидасига айланган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган ғоят муҳим тамойилни янада кенг қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга эканини албатта барчамиз яхши тушунамиз.
Эзгу анъанамизга мувофиқ, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари учун турли миллат ва элат вакиллари бўлган ватандошларимиз бу йил ҳам давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, уларнинг барчасини чин қалбимдан табриклайман”, - дейилади табрикда.
Шунингдек мазкур сана муносабати билан бир гуруҳ фаоллар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирланганлар:
«Дўстлик» ордени билан
Аллаберганов Бекман - Амударё тумани нуронийлар жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси
Алтунина Лариса Михайловна - Ўзбекистон рус миллий маданий марказининг Олмалиқ шаҳар бўлими раиси, Тошкент вилояти
Байжанов Яхшибай Абадович - «Туямўйин гидроэлектростанцияси» унитар корхонасининг турбина цехи электрогаз пайвандчиси, Хоразм вилояти
Балаева Севил Алислам кизи - Республика озарбайжон миллий маданий марказининг Навоий вилояти бўлими раиси
Довгун Оксана Ивановна - «Славутич» Республика украин миллий маданий маркази раисининг ўринбосари
Дурас Элени Анастасиос - Тошкент шаҳар грек маданияти жамияти бошқарув кенгаши аъзоси
Ембергенова Гулнара Сабирбаевна - Қорақалпоғистон Республикаси «Орол олтин мероси» жамоат бирлашмаси раҳбари
Исхаков Абрам Борисович - Бухоро яҳудийлари жамияти раиси, Бухоро вилояти
Кападзе Тахир Васильевич - Фарғона вилояти турк миллий маданий маркази раиси
Карипова Ралия Талгатовна - Тошкент шаҳар бошқирд миллий маданий маркази бошқарув кенгаши аъзоси
Кравченя Геннадий Николаевич - Термиз шаҳридаги «Geniy-Termiz» масъулияти чекланган жамияти директори, Сурхондарё вилояти
Маркарян Гарик Мурадович - Самарқанд шаҳар «Луйс» арман миллий маданий маркази бошқарув кенгаши аъзоси
Махкамова Рискинисо Зоидовна - Чуст туманидаги «Андалус агро дунё» фермер хўжалиги пиллачиси, Наманган вилояти
Махмудов Эркин Касимович - Ўзбекистон уйғур миллий маданий маркази раисининг ўринбосари
Назарова Бозор - Республика тожик миллий маданий марказининг Жиззах вилояти бўлими аъзоси
Оллобердиев Муқумбой Мавлонович - Қашқадарё вилояти араб миллий маданий маркази бошқарув кенгаши аъзоси
Размадзе Владимир Георгиевич - «Мегоброба» Тошкент шаҳар грузин маданият маркази бошқарув кенгаши аъзоси
Смесова Екатерина Александровна - Ўзбекистон рус миллий маданий марказининг Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари
Топчиев Жамолидин Сотиболдиевич - Хонобод шаҳридаги «Хидирша» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Андижон вилояти
Фазилова Клара Байбуриевна - Ўзбекистон қозоқ миллий маданий марказининг Сирдарё вилояти бўлими раиси
Хан Маргарита Люревна - Ўзбекистон корейс миллий маданий марказлари уюшмасининг «Корё» ансамбли бадиий раҳбари
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан
Когай Марина Александровна - Ўзбекистон корейс миллий маданий марказлари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раиси
«Шуҳрат» медали билан
Даукаева Илвира Гамировна - Бектемир туманидаги 30-болалар мусиқа ва санъат мактабининг актёрлик маҳорати бўйича ўқитувчиси, Тошкент шаҳри
Лопатин Сергей Михайлович - «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» масъулияти чекланган жамиятининг асосий ишлаб чиқариш цехи механиги, Бухоро вилояти
Хутова Кулина Мудалифовна - Зафаробод туманидаги «Чимқўрғон» қишлоқ фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли, Жиззах вилояти
Эргашева Махбуба Хотамбековна - Самарқанд давлат университетининг фалсафа ва миллий ғоя кафедраси доценти, Самарқанд вилояти
.






