Аввалроқ, Самарқандда бир гуруҳ шахслар йўлни тўсиб, автобусни тошбўрон қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котибининг маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 28 июль куни соат тахминан 14:00да Жиззах вилояти “Ғаллаорол” тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлида вилоятлараро йўловчи ташувчи автобус ҳайдовчиси, у билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси йўлига чиқиб кетиши оқибатида ҳайдовчилар ўзаро йўл талашиб, тортишиб қолишган.
Шундан сўнг, “Дамас” ҳайдовчиси Й.Ш. автомашинасини бошқариб, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани “Ойтамғали” маҳалласи ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлида, танишлари билан автомобил йўлини тўсиб, автобусни ҳаракатланишига йўл қўймасдан, автобусга шикаст етказган.
Ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ушбу ҳолатда иштирок этган барча шахслар аниқланиб, ушланган.
Ҳолат юзасидан 14 нафар шахсларга нисбатан 15 суткадан маъмурий тартибда қамоқ жазоси тайинланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади матбуот котибининг берган хабарида.






